“Стратегиялаш назарияси ва амалиёти” номли китоби тақдимоти

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 19 ноябрь куни стратегик ишланмалар соҳаси бўйича таниқли мутахассис, академик Владимир Львович Квинтнинг “Стратегиялаш назарияси ва амалиёти” номли китоби тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда республика вазирлик ва идоралари мутахассислари, мамлакатимиз илмий доиралари вакиллари, Академия илмий ходимлари ва тангловчилари иштирок этдилар.

В.Квинт – МДУнинг Москва иқтисодиёт мактаби “Молия стратегияси” кафедрасининг мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, Россия Фанлар академияси Хорижий аъзоси, РФ Олий мактабининг Хизмат кўрсатган ходими. В.Квинт – стратегия назарияси ва глобал бозор соҳаси бўйича жаҳондаги машҳур олим, стратегия умумий назариясини ишлаб чиққан,  шаклланаётган глобал бозор назарияси  яратувчиси.

Стратегик бошқарувнинг фундаментал асосларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун олим халқаро ҳамжамият томонидан орден ва мукофотлар, шунингдек, жаҳондаги етакчи университетларнинг фахрий унвонлари билан эътироф этилган. 

“Стратегиялаш назарияси ва амалиёти” китоби Ўзбекистонда рус ва ўзбек тилларида нашр этилган. Тадбирда қайд этилганидек, ушбу китоб олимнинг кўпйиллик изланишлари натижаларининг концептуал баёни ҳисобланади. Китобда фундаментал қонун-қоидалар ва стратегиялаш назарияси ва амалиёти, стратегиянинг асосий категориялари дефиницияси шарҳлаб берилган.

Китобда стратегик фикрлаш масалалари муҳокамаси ҳамда стратегнинг шахс ва профессионал сифатидаги моҳиятини очиб беришга алоҳида эътибор қаратилган. Муаллиф томонидан стратегнинг стратегияни ишлаб чиқиш ва умумий стратегиялашда амал қилиши лозим бўлган энг муҳим принципларини ўзида намоён этувчи стратегик фикрлашнинг ўн бешта новаторлик қоидалари шакллантирилган.

Шу билан бирга, ушбу китобда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ва пировард мақсади ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратишга қаратилган ислоҳотлар ва бозордаги қайта ўзгартиришларга  ҳам юқори баҳо берилган.

Кенг жамоатчиликка тақдим этилаётган мазкур китоб бошқарувчилар ва раҳбарлар, шунингдек, стратегик режалаштириш ва бошқариш соҳасида фаолият олиб бораётган олимлар ва мутахассислар учун катта илмий ва методологик , долзарб ва амалий аҳамият касб этади.

Тантанали тадбирда В.Квинтга Тошкент давлат иқтисодиёт университети Фахрий доктори унвони берилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари муаллифнинг самимий тилаклари битилган китоб нусхаларини олиш имконига ҳам эга бўлдилар.