«Инвестицияларни жалб қилиш масалалари» бўйича 3 ойлик интенсив ўқув курси тингловчилари учун ташкил этилган машғулотлар тўғрисида

Жорий йилнинг 16 январ куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Бошқарма бошлиқлари Ғ.Ибрагимов ва А.Аллабергенов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг «Инвестицияларни жалб қилиш масалалари» бўйича 3 ойлик интенсив ўқув курси тингловчилари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 4067-сонли қарори асосида «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари кредитлари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари асосида инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва мониторинг қилиш тартиби» ва «Ўзбекистон Республикаси бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва мониторинг қилиш тартиби» мавзуларида маъруза машғулотлари ташкил этилди.

Маърузачилар томонидан иқтисодиётни ривожлантиришда инвестицияларнинг ўрни, мамлакатда инвестицион муҳитни яхшилаш ва ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлигини оширишда давлатнинг роли ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, уларнинг асосий йўналишлари ва бу борада давлат томонидан олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Маърузада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 4067-сонли қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида эътибор берилди. Жумладан, мазкур Қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида давлат томонидан амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар муҳокама қилинди.

Мазкур маъруза дарслари юқори савияда, савол-жавобларга бой тарзда ўтказилди ва тингловчилар мавзулар доирасида ўзларини қизиқтирган барча маълумотларга эга бўлдилар.