“Давлат бюджети харажатлари самарали ижросини таъминлаш» мавзусида Тошкент вилояти Молия бош бошқармасида ўтказилган машғулот тўғрисида



Жорий йилнинг 8 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси 1-курс тингловчилари учун Тошкент вилояти бўйича Ғазначилик бошқармасида амалий машғулот уюштирилди. Машғулотни Тошкент вилояти бўйича Ғазначилик бошқармаси  бошлиғининг ўринбосари Ф.Нуруллаев, жамланма бюджет молиявий ресурсларини бошқариш бўлими бошлиғи А.Казаков, тўловларни амалга ошириш гуруҳи бошлиғи Қ.Чориев, юридик мажбуриятлар бўлими бошлиғи З.Абдурахмонов олиб борди ва тингловчиларга 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган маҳаллий бюджетларнинг молиявий мустақиллигини ошириш, қуйи бюджетларнинг юқори бюджетларга қарамлилигини пасайтириш борасида Тошкент вилояти Молия бош бошқармаси томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан таништириб ўтди.

Шундан сўнг, вилоят Ғазначилик бошқармаси таркибий тузилмаси, Ўзбекистонда бюджет ташкилотларини молиялаштиришни ташкил этиш, Бюджет ташкилотларини молиялаштиришда ғазначилик органларининг ўрни ва роли, Ўзбекистонда давлат бюджети ғазна ижросини ташкил этилиши, Бюджет ташкилотларининг 1- ва 2-гуруҳ харажатлари бўйича юридик ва молиявий мажбуриятларнинг вужудга келиши, бюджет ташкилотларининг 4-гуруҳ харажатлари бўйича юридик ва молиявий мажбуриятлар, ғазначиликда юридик мажбуриятлар ва уларни рўйхатга олиш тартиби, ғазначиликда молиявий мажбуриятлар ва уларни рўйхатга олиш тартибини, ғазначиликда тўловларни амалга ошириш тартибини ва нархлар мониторинги, давлат бюджети ғазна ижроси жараёнида бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш борасида вужудга келаётган муаммолар  ва уларнинг ечимлари тўғрисида тингловчилар билан биргаликда муҳокама қилинди. Шунингдек, бугунги кунда давлат харидлари бўйича бюджет ташкилотларини молиялаштириш ҳолати маҳаллий бюджетидан маблағларнинг сарфланиш ҳолати бўйича маълумотлар берилди.