3 ойлик интенсив ўқув курси тингловчилари «UZKABEL» АЖ қўшма корхонасида



Жорий йилнинг 2019 йил 17-май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг «Инвестицияларни жалб қилиш масалалари» бўйича 3 ойлик интенсив ўқув курси тингловчилари учун «UZKABEL» АЖ қўшма корхонасида амалий машғулот ташкил этилди. Унда Академиянинг «Иқтисодиёт ва молия» кафедраси мудири Тошматов Ш.А., доценти в.б. Пардаев У.У. «UZKABEL» АЖ қўшма корхонаси бош муҳандиси Розиқов Ш.Ж. ва тингловчилар иштирок этдилар.

Машғулотнинг биринчи қисми маъруза шаклида ўтказилди ва уни Ш.А.Тошматов кириш сўзи билан очиб берди. У «UZKABEL» АЖ қўшма корхонасининг бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда тутган ўрни, бу каби корхоналарнинг инвестицион фаолияти билан яқиндан танишиш бугунги кунда раҳбар кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши борасида қисқача сўзлаб берди. Шундан сўнг, сўз Ш.Ж.Розиқовга берилди ва у «UZKABEL» АЖ қўшма корхонасининг ташкилий асослари, хорижий ва маҳаллий акционерлар, бугунги кунда корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган махсулотлар, жалб қилинган инвестициялар ва ривожланиш йўналишлари бўйича батафсил маълумот берди. Шунингдек, тингловчилар томонидан корхона фаолиятига доир берилган саволларга жавоб берди.

Машғулотнинг иккинчи қисми амалиёт шаклида ўтказилди ва унда тингловчилар корхона томонидан турли хилдаги махсулотларни бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан тинишдилар. Мазкур амалиёт дарси юқори савияда ўтказилди ва тингловчилар «UZKABEL» АЖ қўшма корхонаси фаолияти бўйича ўзларини қизиқтирган барча маълумотларга эга бўлдилар.