«Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида раҳбар кадрлар олдида турган вазифалар: мавжуд ҳолат, муаммолар ва ечимлар” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани тўғрисида



Давлат бошқаруви академиясида 31 май куни «Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида раҳбар кадрлар олдида турган вазифалар: мавжуд ҳолат, муаммолар ва ечимлар” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирнинг асосий мақсади мустақиллик йилларида Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш, истиқболдаги белгиланган вазифаларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва шу асосда раҳбар кадрлар олдида турган вазифалар бўйича таклифлар ишлаб чиқишдир.

Бугунги кунда жаҳондаги тинчлик ва барқарорликка миллатлараро ва динлараро зиддиятлар ҳамда терроризм жиддий ҳавф туғдирмоқда. Гарчи Ўзбекистонда мустақиллик йиллари миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини сақлаш борасида  изчил сиёсат олиб борилган ва бу борадаги ишлар янги давр талабларидан келиб чиқиб давом эттирилиб келинаётган бўлса-да, глобаллашув шароитида ҳотиржамликка берилиш асло мумкин эмас.

Замонавий давлатнинг мақсади жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорликни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат. Зеро, мамлакатимизнинг тараққий этиши авваламбор ундаги барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитининг сақланишига боғлиқ. Бу масалаларга Президентимиз Ш.М.Мирзиёев турли йиғилиш ва анжуманларда, шу қатори халқаро майдонда ҳам тинимсиз халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиб келмоқда. Президентимизнинг: “Биз юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича фаолиятимизни ҳар томонлама кучайтиришимиз шарт. Бу – замон талаби. Жамиятимизда диний конфессиялар ўртасида ҳамжиҳатлик ва фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлашни биз бундан буён ҳам энг долзарб ва эзгу вазифамиз деб биламиз”, – деган сўзлари барчамиз учун дастурамал вазифасини ўтамоғи даркор.

Ўзбекистондаги барқарорликни ҳамда давлат ва жамият тараққийсини мамлакатда истиқомат қиладиган 130дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотувлигисиз, расман рўйхатдан ўтган 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларисиз тасаввур эиб бўлмайди. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар”и 5.1 бандида айни “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар”, деб белгиланган. Бу миллатлараро ҳамда динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий қисми эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Анжуман Ҳаракатлар стратегиясида вазифа этиб белгиланган миллатлар ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлаш борасида Ўзбекистонда амалга оширилган ишларни чуқур илмий таҳлил этиш ҳамда мазкур йўналишда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш йўлларига бағишланган.

Мазкур тадбир мамлакат ривожланишининг замонавий босқичида миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини сақлаш, бу борадаги ишларни такомиллаштириш ва оптималлаштиришнинг барча долзарб масалаларини муҳокама қилиш, етакчи халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда шу асосда раҳбар кадрлар олдида турган вазифаларни аниқ белгилаш, бу соҳадаги муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимларини топиш имконини беради.

Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш билан боғлиқ масалаларни шу каби тадбирлар доирасида ўрганиш фуқаролар ва бўлажак раҳбарларнинг мамлакатимизда демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг янги босқичида амалга оширилаётган қатъий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаб етиши, бунда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустахкамлаш ва  мамлакатдаги барқарорликни сақлаш билан боғлиқ ишларда фаол иштирок этиши ҳамда бу йўлда уларга руҳий куч-қувват бериши шубҳасиз.



Материаллар тўплами