Давлат бошқаруви академиясида KOICA билан ҳамкорликдаги Смарт муҳитининг очилиш маросими



2019 йил 3 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида KOICA билан ҳамкорликдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат секторига инновацияларни татбиқ этиш бўйича Давлат бошқаруви академиясининг салоҳиятини ошириш» лойиҳаси доирасида жорий этилган Академия Смарт муҳитининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Лойиҳанинг мақсади – профессионал давлат хизмати тизимини ривожлантириш, давлат кадрлар сиёсати, бошқарув кадрларни тайёрлаш, таълим беришнинг замонавий стандартлари ва сифатли янги метод ҳамда технологияларни жорий этиш, шунингдек, Академия ўқув дастурлари ва материалларини модернизациялаш бўйича Корея тажрибасини ўрганиш ва уни амалиётга тадбиқ этиш ҳисобланади.

Тадбирда Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти президенти ЯНГ Хан Чжа хоним (YANG Hyang Ja), KOICAнинг Ўзбекистондаги офиси директори Сон Сонг Иль, Корея давлат бошқаруви институти вакиллари (KIPA), Сэул миллий университети (SNU) ва CIC-Soft компанияси экспертлари иштирок этишди.

Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти президенти ЯНГ Хан Чжа хоним Samsung компаниясининг Хотиралар ишлаб чиқариш департаменти қошидаги флеш лойиҳалаш ишларида 10 йилдан ошиқ фаолият юритган. 2016-2018 йилларда Корея Республикасининг Қўшма демократик партияси ҳузуридаги Хотин-қизлар қўмитаси раиси, 2018 йил август ойидан (NHI) Корея Республикасининг инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти президенти лавозимига тайинланган.

Маросим Академиянинг Ахборот-ресурс марказини (кутубхона) автоматлаштириш бўйича ўрнатилган техник жиҳозлар ва дастурий таъминотни, хусусан, автоматик равишда кутубхонага кириб-чиқишни текшириш тизимини ҳамда лойиҳа доирасида ўқув курсларининг видео-контентини яратишга мўлжалланган, энг янги техник воситалар билан жиҳозланган мультимедиа марказини ва Академиянинг назорат хавфсизлик тизимини намойиш этиш билан бошланди.

Рақамлаштириш жараёнининг навбатдаги босқичи, яъни 2019-2020 ўқув йилида кореялик экспертлар билан ҳамкорликда «Е-деканат» электрон платформаси жорий этилади. Унда ўқув жараёнини автоматлаштириш назарда тутилган. Шунингдек, корея экспертлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илк бор аралаш таълим шакли жорий этилади (офлайн ва онлайн таълим, 70 дан ортиқ видео-маърузалар тайёрлаш режалаштирилган).

Лойиҳа доирасида доимий равишда турли конференция, семинар ва форумлар ўтказилиб келинмоқда. Давлат бошқаруви ва давлат хизмати бўйича тажриба алмашиш учун мутазам равишда маълумотлар алмашилмоқда.

Ўзбекистон давлат хизматчиларининг 8 та таянч компетенциялари бўйича олинган натижалар юзасидан Корея экспертлари билан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб борилди.

Лойиҳани амалга ошириш даврида Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларидаги кадрлар хизматининг 15 нафар мансабдор шахслари, 60 нафар магистратура йўналишидаги Академия тингловчилари, 30 нафар Академия ходимлари давлат хизматчиларида лидерлик салоҳиятини ошириш ва мустаҳкамлаш бўйича ташкил этилган қисқа ўқув курсларда қатнашиб, малака ошириб келдилар.

2019 йил июль ва август ойларида Жанубий Кореяда Академиянинг 40 нафар магистратура йўналишидаги тингловчиларга мўлжалланган навбатдаги ўқув курслари режалаштирилган. Ноябрь ойида эса  Ўзбекистон Республикасининг 15 нафар мансабдор шахслари Кореянинг кадрлар сиёсати билан танишиш учун ушбу мамлакатга ташриф буюрадилар.