«Инвестицияларни жалб қилиш масалалари» бўйича 3 ойлик интенсив ўқув курси тингловчилари «UzCarlsberg» МЧЖ қўшма корхонасида

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг «Инвестицияларни жалб қилиш масалалари» бўйича 3 ойлик интенсив ўқув курси тингловчилари учун «UzCarlsberg» МЧЖ қўшма корхонасида амалий машғулот ташкил этилди. Унда Академиянинг «Иқтисодиёт ва молия» кафедраси мудири Тошматов Ш.А., кафедра доценти Пардаев У.У, катта ўқитувчи Ҳасанов Т.А., «UzCarlsberg» МЧЖ  қўшма корхонаси мутахассиси Хуррамова З. ва тингловчилар иштирок этдилар.

Машғулотнинг биринчи қисми маъруза шаклида ўтказилди ва уни Ш.А.Тошматов кириш сўзи билан очиб берди. У «UzCarlsberg» МЧЖ қўшма корхонасининг бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда тутган ўрни, бу каби корхоналарнинг инвестицион фаолияти билан яқиндан танишиш бугунги кунда раҳбар кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши борасида қисқача сўзлаб берди. Шундан сўнг, сўз З.Хуррамовага  берилди ва у «UzCarlsberg» МЧЖ қўшма корхонасининг тарихи, ташкилий структураси, бугунги кунда корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган махсулот турлари, жалб қилинган инвестициялар ва ривожланиш йўналишлари бўйича батафсил маълумот берди.

Шунингдек, тингловчилар корхонанинг махсус визитинг маркази, унинг фаолият йўналишлари ҳамда ҳамкорлар учун музокаралар олиб бориш хоналари ва у ердаги зарур жиҳозлар билан яқиндан таништирилди.

Машғулотнинг иккинчи қисми амалиёт шаклида ўтказилди ва унда тингловчилар корхонанинг бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан тинишдилар. Мазкур амалиёт дарси юқори савияда ўтказилди ва тингловчилар «UzCarlsberg» МЧЖ қўшма корхонаси фаолияти бўйича ўзларини қизиқтирган барча маълумотларга эга бўлдилар.