“Конституция — халқ тақдирида” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида  11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳридаги ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатлами, турли миллат ва дин вакиллари учун Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, Қомусимиз нормалари ҳаётимиз билан қанчалик боғлиқлиги, инсон қадр-қимматини эъзозлаш олий бурч эканини янада чуқурроқ англатиш, ҳурмат ва эътибор кўрсатиш мақсадида “Конституция — халқ тақдирида” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Давлат бошқаруви академияси ректори Р.Қосимов, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев кириш сўзи билан очиб беришди.

Конституциямизнинг ҳар бир моддаси миллионлаб фуқароларимизнинг тақдирига дахлдордир. Конституциямиз – халқимиз учун ҳаёт, тараққиёт ва адолат қомусидир. муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига “Адолат – давлатнинг асоси ва  ҳукмдорлар шиоридир”, деган ҳикматли сўзларни ёздиргани бежиз эмас, албатта. Ушбу улуғвор ғоя инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимиз пойдеворига айланди”- дея таъкидладилар. Бинобарин, Конституциямиз мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт йўлида адолат мезони бўлиб келмоқда.

Давлат бошқаруви академиясидаги ушбу тадбирда айнан Қомусимиз моддалари моддалари рўёбини амалда кўрган, моҳияти ва қудратини ўз тақдирида ҳис қилган, жисмоний нуқсони бўлса-да, ҳамма билан тенг ҳуқуқли инсонлар, ота-она меҳри насиб қилмаган, бироқ, давлат ва жамиятдан, яхшилардан меҳр топаётган болалар, адолат ва инсонпарварликдан кўнгли тўқ, давлатдан ғамхўрлик кўраётган хусусий мулкка, ўз уй-жойига эга бўлаётган ҳаётдан рози инсонлар жамулжам бўлдилар. Улар ўз тақдирини Қомусимиз билан нақадар боғланганлиги, ойдин чироқ бўлиб ҳаёт йўлини қанчалик ёритиб келаётгани ҳақида ҳикоя қилиб бердилар.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради. Шунингдек, Конституциямизнинг моддаларида ҳар бир шахснинг мулкдор бўлишга ҳақлилиги, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги белгилаб қўйилган.

Қолаверса, Асосий қонунимизда Ватанимизнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, Ўзбекистонда яшаётган барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат, жамият олдидаги бурч ва масъулияти мустаҳкамлаб қўйилган. Айниқса, ёшларнинг таълим олиши учун берилган имтиёзлар келажак авлоднинг униб-ўсишига ғамхўрликдан далолатдир. Ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши, соғлом ўсиши, келгусида касб-ҳунар эгаллаб, моҳир мутахассис бўлиб етишишида Конституциямизда белгиланган қоидалар муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбек халқи удумига кўра фарзандни уйли-жойли қилиш, уйлантириш ота-онанинг масъулиятидаги вазифадир. Ҳар бир ота-она бу вазифани уддаламасдан ўзини хотиржам ҳис қилмайди. Бугун Юртбошимиз ташаббуси билан минг-минглаб кўмакка муҳтож инсонлар уйли-жойли бўлмоқда, минглаб ёшларнинг тўйлари ўтказилмоқда. Мисол учун, шу йилнинг ўзида 21 минг 500 дан зиёд ана шундай оила арзон уй-жойлар билан таъминланди. Бундан ташқари, 30 минг 500 га яқин ногиронлиги бўлган шахсларга умумий қиймати 3,6 миллиард сўмлик протез-ортопедия буюмлари ва  реабилитация воситалари ажратилди. Уларнинг 16 минг нафари реабилитация марказларида даволанди ва бу мақсадлар учун қарийб 17 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида эришаётган барча ютуқларимиз ҳамда халқимиз турмуш фаровонлиги ортиб бораётганлиги замирида Бош қомусимизда белгилаб берилган қоида ва ҳақ-ҳуқуқларнинг ўрни беқиёс.

Тадбир давомида “Конституция – менинг нигоҳимда” мавзусида фотокўргазма ва рассомлар ишлари кўргазмаси ташкил этилди. Тошкент шаҳридаги Успенский номидаги мусиқали мактабнинг болалар хор жамоаси чиқишлари, халқ чолғу ансамблининг чиқишлари ва Тошкент шаҳридаги мактаб ўқувчилари ижросида “Шум бола” фильмидан инценировка ва шеърий композициялар намойиш этилди ҳамда таниқли санъаткорлар ўзининг дилтортар қўшиқлари билан иштирокчиларни хушнуд этдилар.

Ушбу тадбир республика бўйлаб давом этадиган “Конституция — халқ тақдирида” мавзуидаги маънавий-маърифий тадбирларнинг дебочасидир.