Тингловчилар хорижий ўқув амалиётида



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси томонидан KOICA билан ҳамкорликдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат секторига инновацияларни татбиқ этиш бўйича Давлат бошқаруви академиясининг салоҳиятини ошириш» лойиҳаси доирасида Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институтида ташкил  этилган хорижий ўқув амалиётига юборилган тингловчилар учун малака ошириш дастурлари бўйича ўқув машғулотлари бошланди.

Лойиҳанинг мақсади – профессионал давлат хизмати тизимини ривожлантириш, давлат кадрлар сиёсати, бошқарув кадрларни тайёрлаш, таълим беришнинг замонавий стандартлари ва сифатли янги метод ҳамда технологияларни жорий этиш, шунингдек, Академия тингловчиларини илғор Корея тажрибаси билан таништириш ва уни амалиётга тадбиқ этиш имкониятларини ўргатиш ҳисобланади.

Ўқув амалиётининг илк кунида Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти вице-президенти жаноб Ли Хин Со иштирокида расмий очилиш ва ўқув дастури билан таништириш маросими ташкил этилди.

Ушбу хорижий ўқув амалиёти дастуридан Корея Республикасининг етук мутахассислари иштирокидаги кўплаб маъруза ва амалиётлар, шунингдек, давлат бошқарувининг муҳим тармоқларида фаолият юритаётган юқори даражали давлат хизматчилари билан турли расмий учрашувлар ўрин олган.

Таъкидлаш жоизки, ушбу малака ошириш амалиёт дастури доирасида режалаштирилган мавзуларнинг асосини давлат хизматини такомиллаштиришнинг Корея тажрибаси, замонавий  инновацияларни татбиқ этиш орқали давлат хизматчиларининг фаолияти самарадорлигини ошириш ва уларда лидерлик кўникмаларини ривожлантириш масалалари ташкил этади.