Корея Республикаси мутахассисларининг Академияга ташрифи

Сўнгги йилларда раҳбар кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш соҳасида тизимли ва узлуксиз давлат сиёсати амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПҚ-4365-сонли Қарори билан Давлат бошқаруви академияси олдига қатор янги вазифалар белгилаб берилди.

Академия томонидан илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда инновацион давлат бошқаруви, стратегик режалаштириш ва прогнозлаштириш, давлат хизматларини такомиллаштириш, ақлли бошқарув ва рақамлаштириш соҳасида ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, Академияда “Смарт муҳит” тизимини жорий этиш бўйча қизғин ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 5-9 август кунлари Давлат бошқаруви академияси ва Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ўртасидаги “Ўзбекистон Республикаси давлат секторида инновацияларни жорий этиш бўйича Академия салоҳиятини ошириш” номли лойиҳа доирасида навбатдаги семинар-тренинг ва учрашувлар ташкил этилди.

Семинар-тренинг Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда тадқиқотчилари учун мўлжалланган бўлиб, иштирокчилар Жанубий Кореяда раҳбар кадрларнинг компетенцияларини ошириш тизими, ақлли бошқарув, маълумотларни таҳлил қилиш, смарт-ситиларни режалаштириш ва уларни бошқариш, шунингдек, инвестициявий лойиҳаларни давлат томонидан самарали амалга ошириш ва баҳолаш бўйича билимга эга бўлдилар.

Мазкур семинар-тренинг Жанубий Кореянинг Инсон ресурсларини бошқариш миллий институти (NHI), Корея ривожланиш институти (KDI), Сеул миллий университети ва Канвон университетининг етакчи профессорлари томонидан ташкиллаштирилди.

Шу билан бир қаторда, лойиҳа доирасида Корея давлат бошқаруви институти (KIPA)нинг бир гуруҳ экспертлари билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Бухоро вилояти ҳокимиятида учрашувлар ўтказилди. Бўлиб ўтган учрашувларда томонлар давлат ва маҳаллий бошқаруви органлари вакиллари компетенцияларини моделлаштириш ва шу асосида профессионал таълим дастурларини ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилди.

Лойиҳа доирасида республикамиз давлат хизматчиларининг 9 та таянч компетенциялари аниқланиб, бу бўйича олинган натижалар юзасидан кореялик экспертлар билан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб борилди.

Таъкидлаш жоизки, лойиҳа доирасида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб «Е-деканат» электрон платформаси жорий этилади. Унда ўқув жараёнини автоматлаштириш назарда тутилган. Бундан ташқари, икки давлат мутахассислари томонидан замонавий офлайн ва онлайн таълим тизимини жорий этиш ва 70 дан ортиқ видео-маърузалар тайёрлаш ҳам режалаштирилган.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan