“Оилада берилувчи таълим-тарбия мезонлари” (социологик-психологик ракурс) мавзусидаги машварат тадбири



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда “Оилада берилувчи таълим-тарбия мезонлари” (социологик-психологик ракурс) мавзусида Давлат бошқаруви академиясида навбатдаги машварат тадбири  ўтказилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда “Оила”, “оилада ота-оналарнинг тарбиявий роли”, “фарзанд тарбиясида катта ва ўрта авлод ўртасидаги муносабатлар”, “фарзанд тарбияси” масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларида алоҳида таъкидлаганларидек, “Фарзандларимизнинг қобилиятини рўёбга чиқаришга болаликдан эътибор бериб, уларнинг камолоти учун барча имкониятларимизни сафарбар этсак, юртимиздан яна кўплаб Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар етишиб чиқади”.

Шунингдек, ўз навбатида, бугунги кунда оилалардаги ютуқларимиз билан бирга камчиликларимизни ҳам ўрганар эканмиз, аҳолининг турмуш даражасини кўтариш, ишсизларни янги иш ўринлари билан таъминлаш, фарзандларимизнинг таълим олиш сифатини яхшилаш, инсон капиталини кучайтириш, ёшларимизни касб-ҳунар эгаллашлари учун шароитларни яратиб бериш долзарб масалалардан ҳисобланади. Ўзгаришлар жараёнидаги оила масаласига Президентимиз Ш.Мирзиеев томонидан қўйилаётган талаб шундан иборатки, “яхши оила бўлади, деб кутиб ўтиришимиз керак эмас, яхши оила учун курашиш керак”.

Шу боисдан, ҳам оилада фарзанд тарбияси, уни мустақил ҳаётга тайёрлаш ишларида маърифий кураш олиб бориш ғоясини илгари суриш муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур машваратнинг асосий мақсади бугунги кунда оилада берилувчи таълим-тарбия мезонлари аниқлаб олишдан иборат. Маълумки ҳозирги кунгача, оилада таълим-тарбия мезонлари ишлаб чиқилмаган. Ҳар бир оила ўзи билган тарбия усулларини қўллаб келади. Инсонни ҳаётга тайёрлаш борасида Шарқ ва Ғарб мутафаккирлари хусусан, улуғ аждодларимиз бой маънавий мерос қолдиришган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиеев томонидан ёшларда бунёдкорлик фазилатларини шакллантириш, ота-онани рози қилиш, ватанга фидойи бўлиш, мамлакат тараққиётига ўзининг ҳиссасини қўшиш борасида қимматли фикрларни илгари сурмоқдалар.

Машваратни ўтказиш мобайнида турли соҳа мутахассислари, етакчи экспертлар, маҳаллалардаги обрў-эътиборли шахслар томонидан Давлат бошқаруви академиясининг “Бошқарув социологияси ва психологияси” кафедраси олимлари ишлаб чиққан “Оилада берилувчи таълим-тарбия мезонлари” (социологик-психологик ракурс) атрофлича муҳокама қилиниб, жамиятимиз ижтимоий муҳитини мустаҳкамловчи таълим ва тарбия мезонлари қабул қилинади ва амалиётга тавсия этилади.