Элни азиз қилар элда азизлар

2019 йил 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида  1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрам тадбири бўлиб ўтди.

 Ҳар бир инсоннинг комил шахс бўлиб воя­га етишида, етук касб эгаси бўлиб жамиятда ўз ўрнини топишида устоз-муаллимларнинг ўрни жуда муҳим. 

Фидойи, заҳматкаш устоз-мураббийлар ўз шогирдларига билим бериш баробарида улар қалбига инсонга хос энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб боради. Турли йўналишларда ўз иқтидори, маҳорати ва билим салоҳияти билан юқори натижаларга эришиб келаётган ўғил-қизларимизнинг муваф­фа­қи­ятлари замирида аввало, азиз устозларнинг заҳматли меҳ­натлари мужассам.

Юртимизда таълим соҳаси равнақ топиб, бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўқув муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ҳар йили давлат бюджетидан катта ҳажмдаги маблағлар ажратилаётгани дунё эътирофига сазовор бўлаётган юксалишларнинг ёрқин намунасидир. Шунингдек, бу борада раҳбар кадрлар салоҳиятини янада ошириш учун  Академияда ҳам кўплаб шарт-шароитлар яратилди. Устоз-мураббийларимиз дунёнинг бир қатор давлатларига малака ошириб келмоқдалар.

Дарҳақиқат, биз раҳбар кадрларни маънан етук, тафаккур олами кенг ва билимли инсонлар этиб тарбиялаётган устоз-мураббийлар тимсолида эртанги кунимизнинг порлоқ келажагини, Ватанимиз тараққиёти учун сидқидилдан хизмат қилувчи ўғил-қизларимиз бахтини кўрамиз.

Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.

Халқимизда «Устоз отангдек улуғ», деган сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади.

Шунинг учун ҳам таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан устозларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак шунча оз.  Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг «Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди», – деган сўзлари фикри-мизнинг яққол тасдиғидир.

Муҳтарам юртбошимиз  таъкидлаганларидек, “Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт олдимизга қўяётган бир-биридан мураккаб ва муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳақида ўйлар эканмиз, уларнинг ечими айнан таълим-тарбия билан, ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш билан боғлиқ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз”. 

Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни деб эълон қилинганлиги мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган минг-минглаб устоз ва мураббийлар меҳнатининг юксак  эътирофи, уларга билдирилган ҳурмат ва эътибор намунасидир. 

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясида ҳам ушбу байрам кенг нишонланди. Байрам тадбирини Академия биринчи проректори Х.Азизов ўзининг табрик сўзи билан очиб берди. Унда Академия тингловчилари томонидан ташкил этилган табрик чиқишлари, элимиз ардоғидаги Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий театри директори Мирза Азизов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Муножот Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Авазбек Олимов, таниқли сўз усталари ҳамда “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамблининг ижодий чиқишлари даврага ўзгача файз киритди.

Тадбир сўнггида Академия устоз-мураббийларини спорт соҳасидаги танловлар ҳамда кафедралар ўртасидаги ғолибликлар аниқланди ва муносиб тақдирландилар.