“МДҲ давлатларида солиқ ислоҳотлари: сабоқлар ва истиқболлар” мавзусида Гайдар ўқишлари



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида жорий йилнинг 10 октябрь куни “МДҲ давлатларида солиқ ислоҳотлари: сабоқлар ва истиқболлар” мавзусида Гайдар ўқишлари ташкил этилди.

Мазкур Гайдар ўқишлари ташкилотчилари сифатида Россия Халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академияси, Е.Т.Гайдар номидаги Иқтисодий сиёсат институти (ИСИ), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси иштирок этдилар.

Таъкидлаш жоизки, Гайдар ўқишлари мунтазам равишда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалалари бўйича илмий-амалий конференция ва давра суҳбатлари тарзида Россия Халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академияси ва Е.Т.Гайдар номидаги Иқтисодий сиёсат институти  томонидан ташкил этиб келинади. Ўтган давр мобайнида ушбу ўқишлар Россия ва МДҲнинг 35 дан зиёд шаҳарларида ўтказилган.

Тошкентда ташкил этилган Гайдар ўқишларида Россия Федерацияси Молия вазирлигининг етакчи экспертлари Россия Халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академияси ва ИСИ, шунингдек, республикамизнинг манфаатдор вазирлик ва идораларидан мутахассислар, олий таълим муассасаларидан олимлар иштирок этдилар.

Тадбир мақсади – солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва иқтисодиётни солиқлар воситасида тартибга солиш самарадорлигини ошириш юзасидан экспертлар ўртасида мулоқот ўрнатишдан иборат.

Форум иштирокчилари томонидан солиқлар ва солиқ тизими ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг тизимли омили эканлиги таъкидлаб ўтилди. Форумда Россия солиқ тизими хусусиятлари, солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари ва Россия Федерациясида солиқ рискини оптималлаштириш мавзуларига бағишланган маърузалар тингланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ, солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Солиқ юкини камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш Ўзбекистонда бизнес ва инвестицион фаолликни ошириш ва соғлом рақобат муҳитини яратишнинг муҳим шарти эканлиги таъкидлаб ўтилди.