Академия тингловчилари учун “Давлат хизматида инновацион менежмент” мавзусида малака ошириш курси ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси (РХХДХА) ўртасида 2018 йил 19 октябрда имзоланган қўшимча шартномага асосан, 2019 йил 15-17 октябрь кунлари Академия тингловчилари учун “Давлат хизматида инновацион менежмент” мавзусида малака ошириш курси ўтказилди.

Малака ошириш курси Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг етакчи мутахассислари Ю. Смыслова ва С. Старцевалар томонидан ўтказилди.

Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси бугунги кунда бошқарув ва илмий кадрларни тайёрлаш бўйича Европанинг энг йирик таълим муассасаси ҳисобланади. Давлат бошқаруви академияси ва РХХДХА ўртасида 2018 йил январь ойида Ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.

Мазкур курс замонавий раҳбарнинг бошқарув маданияти ҳамда самарали мулоқот кўникмаларини оширишга қаратилган. Иштирокчилар уч кун давомида инновацион менежмент, эмоционал интеллект, тақдимот қилиш, омма олдида чиқиш қилиш, раҳбар имижини шакллантириш каби мавзулар бўйича билим олишди.

Тренинг якунида иштирокчиларга Россия Халқ хўжалиги ва Давлат хизмати академиясининг махсус гувоҳнома (сертификат)лари топширилиши режалаштирилган.