Академияда “Шанхайда кадрларни тайёрлаш ва бошқариш” мавзусига оид маъруза бўлиб ўтди

2019 йил 16 октябрь куни Академияда Шанхай шаҳри маъмуриятининг Давлат хизмати бўлими директори Вэн Чуньлайнинг “Шанхайда кадрларни тайёрлаш ва бошқариш” номли маърузасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Маъруза чоғида Вэн Чуньлай Шанхайда давлат хизматчилари малакасини ошириш тизими, таълим дастурлари, дастурларни амалга ошириш механизмлари, шунингдек, ушбу соҳага инновацияларни жорий этиш бўйича батафсил маълумот берди.

Таъкидланганидек, давлатнинг муваффақиятга эришиши ва жадал ривожланишида тизимли ва кучли кадрлар сиёсати юқори аҳамиятга эга. Бундан ташқари, персонални бошқаришда замонавий услубларни кенг жорий этиш, соҳани мунтазам тарзда такомиллаштириш талаб этилади.

Маърузачининг фикрича, давлат хизматчиси ўзининг профессионал фаолиятида, авваламбор Конституция ва қонунларга қатъий риоя этиши ҳамда давлат томонидан турли соҳаларда олиб борилаётган сиёсатдан яқиндан хабардор бўлиши керак. Давлат хизматчисининг садоқат билан ўз халқига хизмат қилиши, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва унинг манфаатлари йўлида харакат қилиши зарурлиги таъкидланди.

Ҳозирда Шанхайда давлат хизматчиларининг сони 120 минг кишини ташкил этиб, уларнинг 50 фоизини аёллар ташкил этади. Давлат хизматига қабул очиқлик, ошкоралик ва бетарафлик принциплари асосида, ёзма имтиҳон ва суҳбат орқали амалга оширилиши таъкидланди.

Бугунги кунда давлат хизматчиларининг малакасини ошириш тизимига инновациялар кенг жорий этилмоқда. Бунда замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш ҳамда махсус таълим платформаси фаолияти йўлга қўйилган.

Маъруза якунида Вэн Чуньлай тингловчиларнинг кўплаб саволларига жавоб берди ҳамда уларнинг фаол иштироки учун миннатдорчилик билдирди.