Академияда 21-октябрь Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кунининг 30 йиллигига бағишланган “Тилини асраган-элини асрайди” номли байрам дастури бўлиб ўтди



Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш,  мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичи – миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишлар, Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги ПҚ 4479-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида “Тилини асраган-элини асрайди” мавзуида байрам тадбири ўтказилди.

Байрам тадбирида Академия тингловчилари томонидан Навоий асарларидан саҳна кўринишлари, баҳру-байтлар, Тўмарис, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Бобур, Чўлпон, Кумушбиби каби буюк тарихий шахслар қиёфасини ўз ижодий чиқишларида кўрсатиб беришди. Шунингдек, эл ардоғидаги шоир ёзувчилар, тилшунос олимлар ҳамда санъаткорларнинг ижодий чиқишлари байрам тадбирига янада файз киритди.

Тадбирда сўз олган тилшунос олим ва ижодкорлар ўзбек тилининг узоқ тарихга эга эканини ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилганини,  шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланганини таъкидладилар.

Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди.

Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди.  “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.

Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, аньаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчилари, профессор-ўқитувчилари ҳамда ишчи-ходимлари ўртасида ва Тошкент шаҳридаги мактабларида “Ўзбек тили” мавзусида иншолар танлови ғолибларини тақдирланди ҳамда Академия томонидан мактаб ўқувчиларига бадиий китоблар совға қилинди.