“Давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш” мавзусидаги илмий-амалий семинар

Ўтказилиш вақти: 2019 йил 16 ноябрь (14:00-17:00)

Ўтказилиш жойи: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (Тошкент шаҳри, И.Каримов кўчаси, 45-уй)

Мавзунинг долзарблиги:

Давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг замонавий усулларини жорий этиш бугунги кунда давлат бошқаруви соҳасидаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бунда давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тизимини жорий этиш, баҳолаш мезонларини ва даврийлигини аниқлаш, баҳолаш кўрсаткичларидан фойдаланиш ва уларнинг мониторингини юритиш, натижаларни таҳлил қилиш, текшириш ва экспертизадан ўтказиш борасида долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда, мавжуд воситаларга қарамай, давлат хизматчиларининг фаолият самарадорилигини баҳолаш масаласи ўзининг тўлиқ ечимини топгани йўқ. Бунда қуйидаги йўналишларда илмий-амалий ёндашувлар долзарб ҳисобланади:

– давлат хизматчилари фаолиятини баҳолашда турли даражадаги субъективликни олдини олиш;

– хусусий сектордан фарқли равишда давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг миқдорий усуллари ва сифат кўрсаткичларидан фойдаланишдаги юзага келадиган мураккабликларга илмий асосланган ечим топиш;

– давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини ошириш учун иш хақини тўлаш, рағбатлантириш, лавозим поғонасида ўстириш, ўқитиш ва ривожлантириш каби бошқарув жараёнларини меҳнат унумдорлиги билан узвий боғлаш.

Семинарнинг мақсади: давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг замонавий тизимини жорий этишнинг назарий-услубий ва амалий муаммоларини муҳокама қилиш.

 Семинарнинг вазифалари:

– давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимининг ҳозирги ҳолати ва замоновий усулларини жорий қилиш юзасидан фикр ва тажриба алмашиш;

– давлат хизматчилари фаолиятини самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (KPI) асосида бошқариш, ушбу жараёнга ахборот-коммуникация технологияларини фаол татбиқ этиш масалаларини муҳокама қилиш;

– давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашда илғор хорижий тажрибани ўрганиш.

 

Семинарнинг хорижий иштирокчилари:

– Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси

– Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти (NHI)

– Корея давлат бошқаруви институти (KIPA)

Семинарнинг маҳаллий иштирокчилари:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

– Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

– Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги

– Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

– Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси