“Келажакни шакллантириш” мавзусидаги маъруза



28 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида БАА ҳукуматининг форсайт бўйича эксперти Муҳаммад Ҳассан Ахлининг маърузаси бўлиб ўтди.

Маъруза вазирлик ва идоралар ходимлари, шунингдек академиянинг профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари учун БАА Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича ва келажак вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2019 йил март ойида Бирлашган Араб Амирликларига ташрифидан сўнг БАА ҳукумати билан давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, давлат органлари фаолиятига инноватсияларни жорий этиш ва таълим сифатини ошириш соҳасида кенг кўламли ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди.

Бугунги кунда икки томон давлат ташкилотлари ходимларидан тузилган 17 та қўшма ишчи гуруҳ фаолият кўрсатмоқда.

Муҳаммад Ҳассан Ахли таъкидлаганидек, “форсайт” ўрта ва узоқ муддатли келажакда юзага келиши мумкин бўлган имкониятлар ва таҳдидларни аниқлаб берувчи башорат жараёнини ифодалайди. Фикрлаш усули сифатида “форсайт” инновациялар, стратегик баҳолаш ва келажакни фаол шакллантиришни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, узоқни кўраоладиган ва мослашувчан сиёсат давлат органларига ўз фуқаролари учун манфаатли бўладиган воқеликларни шакллантириш имкониятини беради.

Форсайт – келгусида стратегик қарорларни қабул қилиш ва манфаатдор томонларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини ривожлантириш учун келажак сценарийларини ўрганишга қаратилган комплекс ёндашувдир.

29 октябрь – 1 ноябрь кунлари Ўзбекистон давлат хизматчилари учун форсайт бўйича тўрт кунлик тренинглар ташкил этилади. Тренинг доирасида форсайтнинг концептуал асослари, глобал трендлар ҳамда сценарийларни ишлаб чиқиш, режалаштириш ва шу каби амалиётлар билан боғлиқ қисқача шарҳлар тақдим қилинади.