Тингловчилар учун Ўзбекистон давлат консерваториясида жойлардаги амалий машғулот ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ривожлантириш бўйича келгуси
чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5139-сон Фармонига асосан Давлат бошқаруви академиясида юқори малакали кадрларни тайёрлаш борасида тингловчиларнинг билим ҳамда кўникмаларини шакиллантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Амалиёт, стажировка ва жойлардаги машғулотлар бўлими ҳамда Маънавият ва маърифат кафедраси томонидан академиянинг 120 нафар тингловчилари учун Ўзбекистон давлат консерваториясида жойлардаги амалий машғулот ташкил этилди.  Шу муносабат билан консерваториянинг Орган залида тингловчилар учун “Жаҳон мусиқаси Ўзбекистонда” мавзусидаги концерт дастури намойиш қилинди.

Ғарб ва Шарқ мусиқа санъати асарларидан ташкил этилган концерт дастурида ижро этилган ҳар бир асар Магистратура бўлими бошлиғи М.Абророва ва Консерватория катта ўқитувчиси А.Зокировлар томонидан таҳлил этиб борилди.

Шунингдек, Академия тингловчилари Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги “Миллий чолғу” илмий-ишлаб чиқариш экспериментал лабораториясида сақланаётган чолғу экспонатлари билан ҳам яқиндан танишишди.

Тадбирга ташриф буюрган Академия тингловчилари ва ходимлари ўзлари учун катта маънавий озуқа олиб,  бугунги кунлари унутилмас бўлганлигини эътироф этган ҳолда Консерватория раҳбариятига ўз миннатдорчиликларини билдиришди.