Давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш масалаларига бағишланган илмий-амалий семинар



Ўзбекистонда 2019 йилда Қозоғистон йилини ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлиги доирасида жорий йилнинг 16 ноябрь куни давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш масалаларига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Илмий-амалий тадбирда Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти (NHI), Корея давлат бошқаруви институти (KIPA), Германиянинг Ханнс Зайдель Жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Адлия вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги вакиллари иштирок этди.

Семинар таъкидланганидек, давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг замонавий усулларини жорий этиш бугунги кунда давлат бошқаруви соҳасидаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бунда давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тизимини жорий этиш, баҳолаш мезонларини ва даврийлигини аниқлаш, баҳолаш кўрсаткичларидан фойдаланиш ва уларнинг мониторингини юритиш, натижаларни таҳлил қилиш, текшириш ва экспертизадан ўтказиш борасида долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда, мавжуд воситаларга қарамай, давлат хизматчиларининг фаолият самарадорилигини баҳолаш масаласи ўзининг тўлиқ ечимини топгани йўқ. Бунда қуйидаги йўналишларда илмий-амалий ёндашувлар долзарб ҳисобланади:

– давлат хизматчилари фаолиятини баҳолашда турли даражадаги субъективликни олдини олиш;

– хусусий сектордан фарқли равишда давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг миқдорий усуллари ва сифат кўрсаткичларидан фойдаланишдаги юзага келадиган мураккабликларга илмий асосланган ечим топиш;

– давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини ошириш учун иш хақини тўлаш, рағбатлантириш, лавозим поғонасида ўстириш, ўқитиш
ва ривожлантириш каби бошқарув жараёнларини меҳнат унумдорлиги билан узвий боғлаш.

 

Ташкил этилган семинарнинг асосий мақсади давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг замонавий тизимини жорий этишнинг назарий-услубий ва амалий муаммоларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Тадбир қатнашчилари давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимининг ҳозирги ҳолати ва замоновий усулларини жорий қилиш юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек, иштирокчилар давлат хизматчилари фаолиятини самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (KPI) асосида бошқариш, ушбу жараёнга ахборот-коммуникация технологияларини илғор хорижий тажриба асосида фаол татбиқ этиш масалаларини муҳокама қилишди.