Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари учун ташкил этилган ўқув-семинарлари ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари учун ташкил этилган ўқув-семинарлари ўтказилди.

Ўқув-семинар 2-босқичда жорий йил 2-4 ва 5-7 март кунлари бўлиб ўтди.

Машғулотлар давомида жами 150 нафар депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилиши ва Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқларидан келиб чиқадиган устувор вазифалар”, “Аграр соҳадаги ислоҳотлар – иқтисодиёт тараққиётининг гарови”, “Давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш шакллари ва унинг натижаларини аҳолига етказишнинг ҳуқуқий механизмлари”, “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг сифати ва қулайлигини оширишнинг устувор вазифалари”, “Таълим тизимини ривожлантиришнинг концептуал асослари”, “Уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда йўл-транспорт инфратузилмаларини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” каби йўналишларда билим ва кўникмаларини ошириш имконига эга бўладилар. Шунингдек, депутатлар учун “Қонунчилик палатаси депутатининг мулоқот самарадорлигини ошириш”, “Депутатнинг сайловчилар олдида ва тадбирларда ўзини тақдим этиши”, “Тайм-менежмент: вақтдан унумли фойдаланиш” мавзуларида тренинг машғулотлари ўтказилди.

Ўқув машғулотлар мамлакатимизнинг ҳар бир соҳасидаги етук мутахассислари, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг раҳбарларидан таркиб топган жами 22 нафар маърузачилар томонидан 15 та мавзу доирасида олиб борилди.

Мазкур ўқув-семинари назарий, семинар ва тренинг машғулотлар кўринишида ўтказилди. Машғулотлар давомида марузачилар ҳамда депутатлар ўзаро мулоқот қилган ҳолда, муҳим масалаларни муҳокама қилинди.