Академияда германиялик экспертлар иштирокида семинар-тренинг бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 9-14 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан Ханнс Зайдель Жамғармаси ҳамкорлиги доирасида германиялик экспертлар Герхард Ринк ва Михаэль Гебель иштирокида семинар-тренинг ташкил этилди.

Мазкур тадбир бизнесни бошқариш (Business Administration)га бағишланган бўлиб, унда иштирокчилар ролли ўйинлар ва кейслар орқали корхонани бошқариш ва ривожлантириш, даромад ва зарар кўриш, бухгалтерия баланси, пул оқими ва ликвидлилик, молиявий ҳисоботларни таҳлил қилишга оид керакли билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.

Ташкил этилган интенсив семинар-тренинг тингловчилар тўрт нафардан гуруҳларга ажралган ҳолда олиб борилди. Жамоанинг фаол аъзоси сифатида ҳар бир иштирокчидан муаммоли вазиятга ечим топиш талаб этилди. Машғулотлар тингловчиларнинг бизнес ва молиявий қарорларни яхши тушуниши ва қабул қилинган қарорлар оқибатини баҳолашни ўрганишлари учун хизмат қилди.