Давлат бошқарувининг замонавий муаммолари

Жорий йилнинг 20 май куни Остона давлат хизмати хаби Бошқарув қўмитаси раиси Алихан Байменов академия тингловчилари учун давлат бошқарувининг замонавий муаммолари бўйича онлайн маъруза ўқиди.
Маъруза бошида А. Байменов тобора авж олаётган инқироз натижасида кўплаб мамлакатлар катта босим остида қолаётганини таъкидлади. Бугунги кунда давлат хизматчилари ва раҳбарлар илгари тўқнаш келмаган муаммолар билан ишлашга, шунингдек, ўзгарувчанлик ва ноаниқлик шароитида тезкор қарорлар қабул қилишга мажбур бўлаётгани қайд этилди. Буларнинг барчаси давлат хизматчиларига нисбат қўйиладиган талабларни кучайтиради ҳамда давлат бошқарувининг аҳамиятини янада оширади.
Маърузачининг фикрича, пандемия яна бир бор “ишонч” ва “ўзаро ҳурмат” тушунчалари нафақат ижтимоий қадрият эканлигини, балки давлат бошқарувининг муҳим капитали эканлигини кўрсатди. Маърузачининг фикрича, ҳозирда давлат бошқарувининг асосий элементи – бу ваколат, жавобгарлик ва ресурслар мувозанатини таъминлашдир. Шу билан бирга, давлат органлари тезкор қарорлар қабул қилишда ҳамда давлат хизматларини кўрсатишда қонунийлик, ошкоралик ва ҳисобдорлик тамойилларига қатъий риоя қилиши муҳимдир.

Шунингдек, А. Байменов ўз нутқида COVID-19 натижасида юзага келаётган инқироз оқибатларини самарали бартараф этишда давлат хизматчилари учун зарур бўлган компетенцияларнинг аҳамияти ҳусусида тўхталиб ўтди. Етакчилик, самарали мулоқот, мослашувчанлик, стратегик фикрлаш каби компетенциялар бугунги кун раҳбарларининг мувафаққиётга эришишида муҳим рол ўйнайди.
Глобал коронавирус инқирози даврида доимий тарзда тажриба алмашиш муҳимлиги маърузачи томонидан алоҳида таъкидланди. COVID-19 га қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш ҳамда ўзаро илмий ва инновацион ечимларни бирлаштириш мақсадида Остона хаби томонидан Виртуал амалиётчилар алянси ташкил этилганлиги қайд этилди.
Маъруза сўнгида А. Байменов саволларга жавоб берди ва фаол иштирок учун тингловчиларга миннатдорчилик билдирди.