Туризм ва спорт йўналишларини янада ривожлантириш бўйича ўқув семинари ҳақида

Охирги йилларда туризм ва спорт соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди ва катта ютуқларга эришилди. Шу билан бирга, пандемия ва карантин шароитлари мазкур соҳаларнинг ривожланишида янги муаммоларни келтириб чиқарди. Бундай мураккаб шароитда соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Туризм ва спорт йўналишларини янада ривожлантириш борасидаги вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш, 2021 йилдаги режаларни ишлаб чиқиш ва ижрога қаратиш, ҳудудлардаги туризм ва спорт йўналиши бўйича масъул раҳбарлар фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва уларнинг жавобгарлигини ошириш долзарб масалага айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошланган Ўқув-семинари айнан шу масалага бағишланган.

Ушбу ўқув-семинарида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг спорт ва туризмни ривожлантириш бўйича ўринбосарлари/маслаҳатчилари, ҳудудлардаги Жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари мудирлари ҳамда Туризмни ривожлантириш департаментлари/бошқармалари мудирлари иштирок этмоқда.

Мазкур ўқув-семинарида ўндан ортиқ вазирлик ва идораларнинг раҳбар кадрлари томонидан соҳани ривожлантириш бўйича интерфаол маърузалар, жойларга амалий ташрифлар режалаштирилган. Ўқув-семинари 2020 йилнинг 11 ноябрь куни бошланди. Ўқув-семинарни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А.Абдуҳакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари – Давлат бошқаруви академияси ректори А.Ш. Бекмуродовлар кириш сўзи билан очиб бердилар. Ушбу ўқув-семинари 4 кун давом этади.