Байроғимиз – фахримиз

Ҳилпира байроғим, мангу бардавом

Истиқлолнинг ҳур гулшани,

Буюк элнинг поклик нафаси.

Сен мусаффо, сен буюк калом,

Сен-ла ифтихор шу эл ҳаваси.

Ҳилпира байроғим, мангу бардавом!

Бугун ўзгачадир, юксалишлар ҳам,

Янги Ўзбекистон – янги қарашлар.

Шукрона айтмоқда сен-ла бўлиб жам,

Бу юртга байрамлар, тўйлар ярашар.

Ҳилпира байроғим, мангу бардавом.

Мамлакат байроғи бу оддийгина тимсол эмас, балки бутун бир мафкура ҳисобланади. Улар мамлакатнинг тарихи ва мафкураси ҳақида айтиб туради. Давлатимиз байроғининг қабул қилинганига ҳам 29 йил тўлди. Мана шу давр мобайнида шу ҳуррият байроғи остида мамлкатимиз жаҳон айвонида ўз ўрнига, ўз имижига эга бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган бўлиб, у халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли ҳисобланади. Байроқдаги тўқ мовий ранг мангу осмон ва обиҳаёт рамзи бўлиб, бу — яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди. 
Оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, поклик, беғуборлик, софлик, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. 
Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. 
Қизил чизиқлар эса томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони — ҳаётий қудрат, барқарорлик ва бардавомлик нишонасидир. 
Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ бўлиб, у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи саналади. 
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Ўн икки юлдузга бўлган эътибор Ватанимиз сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида “Нужум илми” тараққий этганлиги билан изоҳланади.

                                                                           Мансур Юнусов, 

“Маънавият ва маърифат” кафедраси катта ўқитувчиси