Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисидаги нутқида кўтарилган масалаларга бағишланган давра суҳбати

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Марказий Осиё ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ўтказилган давра суҳбатининг мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 2020 йил 10 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисидаги нутқида кўтарилган масалалар ва долзарб таклифларнинг мазмун-моҳиятини атрофлича муҳокама қилиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Тараққиёт стратегияси» маркази, шунингдек, бир қатор олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари иштирок этди.

Давра суҳбатининг асосий қисми таклиф этилган экспертлар иштирокидаги панель мунозаралар ва эркин фикр алмашув шаклида ташкил этилиб, унда:

– «Шанхай руҳи»ни мустаҳкамлаш ва аҳил қўшничилик анъаналарини сақлаб қолиш;

– иқтисодиёт соҳасида давлатлараро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, фаол инвестицияларни жалб қилиш, ҳамкорликда инқирозга қарши дастурларни амалга ошириш;

– давлат тузилмалари ва иқтисодиётни рақамлаштириш, аҳолининг рақамлаштириш борасидаги саводхонлигини ошириш;

– аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағаллик даражасини пасайтириш бўйича стратегияларни ишлаб чиқиш;

– ёшлар ўртасида экстремизм, терроризм ва наркобизнесга қарши курашиш борасида комплекс чора-тадбирлар ўтказиш;

– Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги жараёнларни қўллаб-қувватлашга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.
















Таъкидлаш керакки, бугунги кунда халқаро муносабатларда кечаётган фундаментал ўзгаришлар истиқболда ШҲТда ҳам муайян институционал ўзгаришларни тақозо этиб боради. Ташкилот ўз самарасини ва нуфузини сақлаб туриши ва янада кучайтириши учун замон талабларига мос келувчи механизмларни ҳамжа иш ёндашувларини жорий этиб бориши лозим. Шу ўринда, ШҲТнинг амалий фаолияти самарадорлигини кучайтиришга қаратилган сайъ-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш – Ўзбекистон манфаатларига тўлиқ мос келади.

Давра суҳбатининг якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ШҲТга давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги нутқида кўтарилган масалалар ва таклифларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда фаолликни ошириш, шунингдек, ушбу таклифларга доир илмий-амалий тадқиқотларни тизимли равишда олиб бориш каби ташаббуслар илгари сурилди.