Академия тингловчилари ўтган амалиётлари бўйича ҳисоботларни ҳимоя қилдилар

Жорий йилнинг 19-20 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олаётган 2-курс тингловчиларининг стажировка ҳисоботлари ҳимояси бўлиб ўтди. Ҳисоботлар ҳимояси онлайн орқали ташкил этилди.

Тингловчилар  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ривожлантириш бўйича келгуси чора тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5139-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 сентябрдаги “Бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 745-сон Қарорига асосан республика ва вилоят даражасидаги Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари раҳбарларнинг дублёри сифатида стажировка ўтдилар.

Академиянинг тасдиқланган ўқув дастурига биноан тингловчиларнинг стажировкаси (дублёрлик) жорий йилнинг 2-14 ноябр кунлари, яъни 2 ҳафта давом этди.

Тингловчиларининг стажировка ҳисоботлари ҳимояси ДБА профессор-ўқитувчиларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан баҳоланди.

Стажировка ҳисоботлари ҳимояси қилиш жараёнида экспертлар тингловчиларнинг Давлат бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларига алоҳида эътибор беришди. Шу билан бирга улар тингловчиларнинг келгусида Давлат бошқаруви тизимида татбиқ этилиши мақсадга мувофиқ бўлган инновацион ёндашувлари ва креатив ғояларини белгилаб ўтишди.