2020 йилнинг 20 ноябрь куни видеоконференцалоқа режимида ўтказилган сиёсий-маърифий ўқув соатининг ҳақида

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида халқ манфаатларига қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган 5 та муҳим ташаббус ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда.

Ушбу ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш, тарғибот тадбирларини “маҳаллабай” ташкил этиш ва ўтказиш,
аҳоли кайфиятини кўтаришга қаратилган чора-тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида йиғилиш ўтказилди ва унинг баёни (7-сон) тасдиқланди.

Баёнга кўра, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш ишларини “маҳаллабай” ташкил этиш бўйича Республика штаби ва турли йўналишлар бўйича тарғибот гуруҳлари ҳамда ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, уларнинг олдида қуйидаги асосий вазифалар белгиланди:

жойларга чиққан ҳолда аҳолини юртимизда ва дунёда бўлаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазиятдан хабардор қилиш;

мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка таъсирчан усулларда етказиш;

аҳолининг кайфиятини кўтариш, уларда ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, меҳр-оқибат, шукроналик, ўзаро ёрдам каби миллий ва умуминсоний қадриятларни янада кучайтиришга қаратилган маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;

тарғибот тадбирларини ўтказишда ҳар бир туман (шаҳар)нинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ўша ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳоли кенг қатламларига етказилишини таъминлаш;

маданий-маърифий ва тарғибот тадбирларини ўтказишда аҳолининг ёш тоифаси, оилалар таркибини инобатга олиш.

Юқорида қайд этилган баённинг 10-бандига мувофиқ, вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, корхона ва ташкилотларда ҳар ҳафтада бир маротаба сиёсий-маърифий ўқув соатларини ташкил этиб бориш белгиланган.

Биринчи ўқув соати жорий йилнинг 13 ноябрь тажриба-синов тарзда Жиззах вилояти ва туманлари ҳокимликлари билан видеоконференцалоқа воситасида ўтказилди, унда 650 нафардан зиёд вилоят ва туман даражасидаги раҳбарлар, хусусан, секторлар раҳбарлари, вазирлик идораларнинг бўлинмалари раҳбарлари, ҳокимликларнинг котибиятлар мудирлари иштирок этди.

Тажриба-синовнинг ижобий натижаси асосида жорий йилнинг
20 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, барча туман ва шаҳар ҳокимликлари билан Давлат бошқаруви академиясидаги марказий студия орқали видеоконференцалоқа шаклида сиёсий-маърифий ўқув соати ўтказилади, унда 8 мингдан зиёд раҳбар кадрлар, хусусан, ҳоким ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, вазирлик идораларнинг бошқарма ва бўлим бошлиқлари, ҳокимликларнинг котибиятлар мудирлари иштирок этди.

Мазкур сиёсий-маърифий ўқув соатида маърузачилар сифатида Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова, Халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ҳудудларни комплекс ривожлантириш департаменти раҳбари Вохид Рахимов, Ташқи ишлар вазирлиги Минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикасининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ишлари бўйича миллий координатори Рахматулла Нуримбетов, шунингдек, Давлат бошқаруви академияси профессори, юридик фанлар доктори Шавкат Асадов иштирок этди.

Ушбу тадбир бугунги кундаги энг муҳим мавзуларга, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига бағишланди.

Хусусан, сиёсий-маърифий ўқув соатида асосий эътибор қуйидаги масалаларга берилди:

ҳафта давомида, шу жумладан соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти,

жойларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига янги механизмларини жорий қилиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг самарали чораларини кўриш;

соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларида биринчи навбатда самарали бошқарув кўникмалари ва менежерлик маҳоратини шакллантириш, уларни лавозимига тайинлашда Ҳалқ депутатлари кенгашларининг иштироки билан боғлиқ масалалар;

миллий таълим-тарбия тизимининг амалдаги ҳолати уни замон талаблари асосида модернизация қилиш, ёшларни юксак билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар этиб тарбиялаш;

камбағалликни қисқартириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда уларнинг иқтисослашувидан самарали фойдаланиш;

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида илгари сурган, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик бўлган муҳим йўналишлардаги таклиф ва ташаббуслари;

Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи тавсилотлари ва у ерда кўтарлиган масалаларнинг мазмун-моҳияти ва бошқалар.

Мазкур ўқув соатлари вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган раҳбар кадрларнинг сиёсий-маърифий саводхонлигини ошириб бориш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳамда содир бўлаётган муҳим воқеларнинг тавсилотларини уларга доимий ва тизимли равишда етказиб туришга қаратилган бўлиб, Давлат бошқаруви академияси томонидан ҳар ҳафтанинг жума куни ўтказиб бориш белгиланди.