Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Япониянинг Нагоя университети профессори Уширо, Фусао томонидан тақдим этилган “Японияда маҳаллий давлат бошқаруви тизими ва номарказлаштириш масалалари” мавзусидаги маърузаси вебинар тарзда Академия тингловчилари учун тўғридан-тўғри Япониядан олиб узатилди. Мазкур вебинар-маърузанинг аҳамиятли жиҳати шундан иборатки, хозирги кунда Японияда ўқув-амалий стажировкада қатнашаётган Академиянинг “Фуқаролик жамияти институтларини бошқариш” кафедраси доценти Д.Бекчанов бошчилигидаги делегацияси Япониядан туриб бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар. Улар Академия тингловчиларининг профессор Ф.Уширо билан ўзаро мулоқот қилишларига ёрдам бериб, Япония тажрибасини кенгроқ ўрганилишида ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Мазкур вебинар-маърузада Япониядаги маҳаллий давлат ҳокимияти тизими, уни номарказлаштириш борасидаги тажрибаси, соҳада амалга оширилган ислоҳотлардаги кучли ва заиф томонлари кўриб чиқилди. Профессор Ф.Уширо Японияда маҳаллий давлат бошқаруви тизимининг шаклланиши ва ривожланиши, маҳаллий давлат ҳокимиятининг асосий функциялари, молиявий ваколатлари, унинг фаолиятини мувофиқлаштиришда марказий ҳокимиятнинг ўрни, шунингдек, маҳаллий депутатлар Ассамблеяси билан маҳаллий ижро органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди.
Японияда 18 апрелгача давом этадиган ўқув-амалий стажировка доирасида Токонаме Савдо-саноат палатаси, Аити префектураси депутатлари Ассамблеяси, Мие ва Аити префектуралари ҳамда Нагоя шаҳри мэриялари, Аити Билимлар Маркази ва бошқа ташкилотларга ташрифлар орқали Япония маҳаллий давлат бошқаруви тизимида амалга оширилган ислоҳотларни мукаммал ўрганиш режалаштирилган. Мазкур Японияда давом этаётган ўқув-амалий стажировка Академиянинг БМТ Тараққиёт Дастури билан биргаликдаги “Ўзбекистонда раҳбар кадрларни тайёрлашга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида ҳамда Нагоя университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |