Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5139-сонли Фармонининг қабул қилиниши бошқарув кадрларини ўқитишнинг янги босқичини бошлаб берди.
Ўзбекистондаги шиддат билан кечаётган янгиланиш жараёнлари бошқарув кадрларининг билим ва кўникмаларини ўзгараётган шароитларга мослаштириш, уларнинг профессионал ривожланишига янгича ёндашишни талаб этмоқда. Бошқарув вазифаларини самарали ҳал қилиш учун раҳбар кадрлар ўз касбий малакаларини доимий равишда такомиллаштириб бориш имкониятига эга бўлишлари зарур. Бу эса нафақат республика даражасида, балки ҳудудлар даражасида бошқарув кадрларини ривожлантириш тизимини такомиллаштиришни талаб этади. Бу жараёнда, бир томондан, янги имкониятларни яратиш, бошқа томондан, мавжуд имкониятларни тизимлаштириш ва улардан самарали фойдаланиш зарурати пайдо бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3901-сон қарорига мувофиқ Гулистон, Қарши, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида Академиянинг ҳудудий филиаллари ташкил этилганлиги амалга оширилган ишларни янги босқичга кўтаришга ва бошқарув кадрларнинг малакасини мунтазам ва тизимли равишда олиб боришга хизмат қилди.
Юқорида қайд этилган қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиаллари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 772-сон қарори қабул қилинди.
Қайд этилган қарорларда белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида 2018/2019 ўқув йилида мамлакатимизнинг барча туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари ва туман (шаҳар) бўғини раҳбарлари учун малака ошириш курсларини ўтказилмоқда.
Малака ошириш курслари ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш, кейс-стади, коллегиал муҳокама, тақдимот ва қайтма алоқа каби интерфаол усулларда ташкил этилди.
Ўқув машғулотлар видео-конференц алоқа орқали барча филиалларни бирлаштириб турувчи дастур орқали бошқарилиб турилади. Дарс машғулотлари Давлат бошқаруви Академияси, ҳудадлардаги Олий ўқув юртларининг етакчи профессор-ўқитувчилари ҳамда вазирлик ва идораларнинг тажрибали мутахассислари томонидан олиб борилмоқда.