“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий ривожланиши: миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”

2018 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий ривожланиши: миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда халқаро ташкилотлар ва дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан экспертлар, шунингдек, мамлакатимиз вазирлик ва идораларидан вакиллар, ОТМ ректорлари, Академия профессор-ўқитувчилари ва тинловчилар иштирок этдилар.

Бундан ташқари, конференция конституцион ривожланиш соҳаси бўйича Республикамизнинг барча ҳудудларидаги мутахассислар ва экспертлар тўпланган Академиянинг бешта филиалида онлайн режимида намойиш этилди.

Мазкур тадбир мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини халқаро ҳамжамиятга кенг ёритиб бериш ва етказиш мақсадида ташкил этилган.

Ушбу конференция давлат бошқаруви тизимини демократлаштириш ва модернизация қилиш, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлигини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришнинг  долзарб масалаларини муҳокама қилишда халқаро эксперт майдони бўлиб хизмат қилди.

Шуни қайд этиш лозимки, тадбир музокаралар ва эркин фикр алмашишлар форматида ташкил этилди.

Конференция иштирокчилари қуйидаги долзарб масалалар бўйича фикр алмашдилар: давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизими ривожланишининг ҳолати ҳамда истиқболлари; маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилиши; халқ ҳокимиятчилиги ва инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги конституцион принципининг амалга ошишини таъминлаш; конституциявий судлов ва конституция устуворлиги институти; жисмони ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш; давлат интерактив хизматлари кўрсатиш масалалари ва бошқ.

Конференция якунларига кўра, алоҳида таклиф ва ишлаб чиқилган тавсиялар умумлаштирилди, иштирокчиларнинг маъруза ва чиқишлари тезислари конференция материалларининг махсус тўпламига киритилади.