Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика биринчи танлови ғолибларини тақдирлаш маросими



Жорий йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови ғолиблари ва финал босқичининг иштирокчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур танлов биринчи бор ўтказилди ва мамлакатда истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашишга қаратилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ мазкур танловнинг ҳар уч йилда бир марта ўтказилиши назарда тутилган.

Танлов давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ, молия-кредит, саноат, иқтисодиёт, АКТ, қишлоқ ва сув хўжалиги, архитектура ва қурилиш, коммунал хўжалик, солиқ, божхона, экология ва атроф муҳитни асраш, таълим, фан ва инновациялар, маданият, санъат ва спорт, соғлиқни сақлаш, ташқи сиёсат, ташқи иқтисодий фаолият ва туризм, макроиқтисодиёт ва ҳудудий ривожланиш, транспорт ва логистика соҳасидаги “Энг яхши бошқарувчи” номини олиш учун 16 та номинация бўйича ўтказилди.

“Тараққиёт” республика биринчи танловига тайёргарлик жараёнида Германия, Франция, Корея Республикаси, Сингапур ва бошқа ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганиб чиқилди.

Танлов ўтказилиши билан боғлиқ тадбирларда энг муносиб номзодларни танлаб олиш учун 30 дан ортиқ вазирлик, идора ва жамоат ташкилотлари вакиллари ва раҳбарлари, шунингдек, республикадаги етакчи олим ва экспертлар жалб этилди. 

Ишчи гуруҳлар томонидан аризалар ўрганиб чиқилиб, раҳбарлик лавозимида камида 3 йиллик меҳнат стажига эга бўлган 3825 нафар талабгор танловда иштирок этиш учун тавсия этилди.

Танлов 5 босқичда амалга оширилди. Ҳар бир босқич иштирокчилар қобилиятини очиб бериш, ўз устида ишлаш, касбий ўсиш учун восита бўлиб хизмат қилди.

Танловнинг биринчи ва иккинчи тур онлайн тест босқичларидан муваффақиятли ўтган 1356 нафар иштирокчи навбатдаги босқичга ўтди.

Кейинги босқичда иштирокчилар ахборот-таҳлилий материал (доклад) тайёрлаш бўйича синовдан ўтказилди. Сараланган 300 нафар талабгор ташкилотчилик қобилияти ва бошқарув салоҳиятини аниқлаш бўйича ёзма тест топширди. Улардан 150 нафар иштирокчи танловнинг финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Танлов иштирокчилари финал босқичда муаммоли вазиятларда қандай йўл тутиш кераклиги юзасидан билим ва кўникмаларини намойиш қилиб,
ўз йўналиши бўйича Танлов комиссиялари суҳбатидан ўтдилар.

 Жорий йилнинг 9-16 март кунлари танловнинг финал босқичи ўтказилди. Унда иштирокчилар бошқарув профессионализми, ўзгаришларга мослашувчанлик, лидерлик, тизимли фикрлаш қобилияти каби мезонлар бўйича баҳоланди.

Якуний босқичда 50 нафар ғолиб аниқланди. 100 нафар талабгор финал босқичи иштирокчиси сифатида эълон қилинди.

Танлов ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари, финал босқичи иштирокчиларига эса 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилди.

Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика биринчи танлови ғолиблари тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланмоқда. Жумладан, шу кунга қадар уларнинг 19 нафари раҳбарлик лавозимига тайинланди ва бу жараён
давом этмоқда.

Ривожланган мамлакатларнинг давлат бошқарувининг турли соҳалари бўйича тажрибаларини ўрганиш мақсадида танлов ғолибларини тегишли йўналишларига кўра хориждаги ташкилотларга стажировкага юбориш кўзда тутилган.

Шунингдек, танловнинг барча финал босқичи иштирокчиларини раҳбарлик лавозимлари захирасига киритиш тавсия этилди, улардан 13 нафари эса раҳбарлик лавозимига тайинланди.

Шуни қайд этиш жоизки, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказилган танлов фаол фуқаролар учун самарали “ижтимоий лифт” вазифасини ўтади. Бутун республикани қамраб олган танлов сабабли қобилиятли раҳбарлар ўз билим ва тажрибаларини намойиш этиш имкониятига эга бўлдилар. Танлов янги авлод раҳбарлари имкониятларидан мамлакатимиз келажаги йўлида фойдаланишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Қўшимча маълумотлар ва янгиликлар билан Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловининг махсус веб-портали (taraqqiyot-tanlov.uz) орқали танишиш мумкин.