Интерфаол машғулотларни ўтказишнинг замонавий усулларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди

22 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Интерфаол машғулотларни ўтказишнинг замонавий усуллари” мавзусида уч кунлик семинар-тренинг ўз якунига етди. Семинар-тренинг тажрибали тренерлар, Германиянинг “Planpolitik” компанияси экспертлари Сандра Хольтерманн (Sandra Holtermann) ва Александр Кушель (Alexander Kuschel) томонидан олиб борилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш керакки, “Planpolitik” компанияси интерфаол усуллар, яъни симуляция ўйинлари, ижодий семинарлар, методик тренинглар, компетенцияга йўналтирилган тренинглар ҳамда модерация ва маслаҳатларни ўз ичига олган семинар-тренинглар форматини ишлаб чиқади. 2004 йилда ташкил этилган компания Германияда ўқитиш усулларини ўзгартириш, уларни янада самарали ва интерфаол ҳолатга келтиришни мақсад қилган. Ушбу компания мутахассислари 100 дан ортиқ симуляция ўйинларини ишлаб чиққан. “Planpolitik” дунёнинг 35 мамлакатида ўқув тадбирларини ўтказади. Компания 200га яқин турли хил ташкилот билан ишлайди, компания томонидан 1,2 мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилган, уларда 40 мингдан ортиқ киши қатнашган.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ўқув семинари академия профессор-ўқитувчилари учун Германиянинг Фридрих Эберт фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади – академия тренерлари учун замонавий интерфаол усуллар билан танишиш ва тренинг орқали ўз маҳоратларини оширишдир.

“Мутахассисларнинг таъкидлашича, одамнинг пассив равишда ахборот қабул қилиш қобилияти чекланган: анъанавий маъруза ёки муҳокама ниҳоятда ахборотга бой бўлиши, мутахассислар нотиқлик қобилияти юқори даражада бўлиши мумкин, лекин тингловчилар янги маълумотни механик равишда қабул қилишади ва пассив иштирокчи сифатида қолишади.

Фаол ўқитиш усулида асосий эътибор иштирокчиларни бир-бири билан ўзаро муносабатига ҳамда машғулот мобайнида бевосита вазифаларни амалда бажариб кўриш ҳамда натижасини муҳокама қилиш орқали янги билимларни кўпроқ ўзлаштиради. Ўқитишнинг фаол усуллари иштирокчиларга мураккаб тушунчалар ва мавзулар билан мустақил ишлашга имкон беради. Кўплаб тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, ўқитишнинг муваффақияти тингловчининг ушбу жараёнга қанчалик жалб этилиши ва янги материаллар билан қанчалик фаол ўзаро таъсирлашувига боғлиқ, чунки уларнинг қизиқишлари ва қобилиятлари биринчи ўринга қўйилган. 

Буларнинг барчаси семинар-тренингнинг долзарб эканлигидан далолат беради. Машғулотлар давомида қатнашчилар академия ўқув жараёнида қўллашлари мумкин бўлган зарур билим ва воситаларни олдилар. Иштирокчиларнинг фикрига кўра, ролли ўйинлар, тадбирларни режалаштириш, экспертлар маслаҳати, дизайн фикрлаш, сценарийларни ишлаб чиқиш каби усуллар уларнинг билимларини янада бойитди.