Академияда форсайт бўйича тренинг бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПФ-4365-сон Қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 26-27 август кунлари халқаро маслаҳатчи Джон Суини (АҚШ) иштирокида “Стратегик режалаштириш ва прогнозлаш (foresight)” бўйича тренинг ўтказилди.

Тренинг Академия ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Бошқарув кадрларини тайёрлашга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Ушбу тадбир стратегик режалаштириш ва прогнозлаш (foresight) бўйича бошқарув кадрлари учун янги ўқув курсини ишлаб чиқиш ҳамда Академия тренерлари малакасини ошириш мақсадида ташкиллаштирилди. Бугунги мураккаб ва шиддат билан ўзгарувчан дунёда турли соҳалардаги воқеа ва тенденциялар кутилмаган шаклда ўзаро муносабатларга киришмоқда. Баъзи замонавий муаммолар сиёсатнинг бир соҳасига тааллуқли бўлиши мумкинлиги ва кўп ҳолларда битта масаланинг ечимини топиш етарли бўлмаслигини ҳукуматлар борган сари кўпроқ англаб етмоқдалар.

Ривожланиш соҳасидаги етакчи мутахассислар масалаларнинг мураккаблиги ва умумийлигини ҳисобга олган ҳолда ўзгаришларни сезувчи барқарор ва мослашувчан сиёсатни илгари сурувчи анъанавий меъёрий фикрлашдан мослашувчан ёндашувларга ўтишни таклиф қилмоқдалар.

“Форсайт” ўрта ва узоқ муддатли келажакда юзага келиши мумкин бўлган имкониятлар ва таҳдидларни аниқлаб берувчи башорат жараёнини ифодалайди. Шунингдек, форсайт фикрлаш усули сифатида инновациялар, стратегик баҳолаш ва келажакни фаол шакллантиришни қўллаб-қувватлайди.

Анъанавий режалаштириш маваффақиятсизликнинг олдини олишга қаратилган бўлса, стратегик форсайт ташқи таъсирларга қаршилик кўрсатиш, айниқса, уларни эрта аниқлаб, тез фурсат ичида тикланиш каби масалаларга устувор вазифа сифатида қарайди. Узоқни кўраоладиган, мослашувчан ва чидамли сиёсатчилар давлат органларига ўз фуқаролари учун манфаатли бўладиган воқеликларни жалб қилиш ва шакллантириш имкониятини юзага келтирадилар.

Шундай қилиб, форсайт – келгусида стратегик қарорларни қабул қилиш ва манфаатдор томонларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини ривожлантириш учун келажак сценарийларини ўрганишга қаратилган комплекс ёндашувдир.

Ушбу тренинг доирасида форсайтнинг концептуал асослари ҳамда сценарийларни ишлаб чиқиш, режалаштириш ва шу каби амалиётлар билан боғлиқ қисқача шарҳлар тақдим қилинади. Тренинг натижалари асосида Академия мутахассислари томонидан бошқарув кадрларида сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий ва инфратузилма соҳаларида узоқ муддатли ривожланишни самарали бошқариш кўникмасини шакллантиришга қаратилган махсус малака ошириш курси ишлаб чиқилади.