Академида республика илмий-амалий конференция ташкил этилди



2019 йил 30 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги 133-ф-сонли Фармойиши билан тасдиқланган “2019 йилда  ўтказиладиган халқаро илмий ва илмий-техник анжуманлар режаси”га мувофиқ «Макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашнинг ўрта муддатли истиқболида давлат молиясини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Банк-молия академияси, ОТМ мутахассислари, профессор- ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ва тингловчилар иштирок этишди.

Конференциядан кўзланган мақсад – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш ва либераллаштиришда давлат молияси ҳамда солиқ сиёсатини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни иқтисодчи олимлар, соҳа мутахассислари, ёш тадқиқотчи-изланувчилар иштирокида муҳокама қилиш, натижаларни баҳолаш юзасидан илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Тадбир икки қисмда: умумий йиғилиш ва конференция секцияларида ишлаш тартибида ташкил этилди. Тадбирнинг умумий йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва  Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари томонидан Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Солиқ кодексини ишлаб чиқилиши ва ундаги концептуал ўзгаришлар, мамлакатимиз солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш масалалари юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси,  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари томонидан мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда инновацион омилларнинг ролини ошириш, тижорат банклари ликвидлилигини бошқаришнинг янгича усуллари, давлат бюджети даромадларини оширишда трансферт нархларини белгилашдаги солиқ назорати бўйича маърузалар ва чиқишлар қилинди.

Конференция секцияларда ишлаш билан давом эттирилди. 1-секция “Макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш йўналишлари”, 2-секция “Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда рақамли иқтисодиётни кенг жорий этиш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўллари”, 3-секция “Ўзбекистонда давлат молиясини илғор хориж тажрибаси асосида ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” ва 4-секция “Ўрта муддатли истиқболда солиқ сиёсатини такомиллаштириш масалалари”га бағишланган бўлиб, уларда секциялар йўна-лишлари бўйича бугунги кунда мамлакатимиздаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Конференция юқори савияда ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди ҳамда бугунги кунда мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашнинг ўрта муддатли истиқболида давлат молиясини ислоҳ қилиш юзасидан муҳим таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.