Нагоя университети билан ҳамкорлик доирасида семинар ўтказилди



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Нагоя университети ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик доирасида 8 ноябр куни Ўзбекистон-Япония таълим ва фан ҳафталиги доирасида “Давлат бошқарувини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари: маҳалла тажрибаси” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади – маҳалла институтининг давлат ва бошқарув тизимидаги роли ва ўрнини аниқлаш, шунингдек, ушбу соҳада қўшма тадқиқотлар олиб боришнинг кейинги йўналишларини муҳокама қилиш.

Таъкидлаш жоизки, семинарда Нагоя университетининг вице-президенти Накахигаши Масафуми бошчилигидаги этакчи олимлардан иборат делегация, шунингдек, академиянинг профессор-ўқитувчилари ва докторантлари иштирок этди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, маҳалла Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ноёб институти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришнинг самарали органи, халққа энг яқин бошқарув тузилмаси ҳисобланади.

Семинар иштирокчилари маҳалла институтининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, унинг аҳамияти ва обрўсини янада ошириш, шунингдек, миллий меросимизнинг маданий хусусиятларини давлат тузилиши ва бошқаруви билан демократик давлат қуриш ва кучли давлат қуриш учун ўзаро уйғунлаштириш мақсадида давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро муносабатларни кучайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Семинар натижасида маҳалла институтининг давлат бошқаруви тизимида ва фуқаролик жамияти институтларини шакллантиришда аҳамияти ва самарадорлигини ошириш соҳасида илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишлари аниқланди.