Мутахассисларимиз давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизими бўйича Малайзияда ўзаро тажриба алмашмоқдалар

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вакили ва Давлат бошқарув академияси профессор-ўқитувчилари Малайзиянинг давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизими билан яқиндан танишиш, шунингдек, давлат секторига юқори малакали бошқарув кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида Малайзиянинг таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Малайзия давлатининг Куала-Лумпур шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегация вакиллари турли таълим муассасаси ва давлат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, Давлат боқшаруви ва давлат хизмати тизимини янада ривожлантириш юзасидан ўзаро тажриба алмашмоқдалар.
Жумладан, жорий йилнинг 30 ноябрь куни вакилларимиз 1991 йилда ташкил этилган Малайзиянинг нуфузли таълим муассасаларидан бири бўлган Малайзия Университети ҳузуридаги Халқаро давлат сиёсати ва менежменти институтининг (INPUMA) директори профессор Шакила Якоб билан учрашди. Учрашувда юртимиз вакиллари малайзиялик (INPUMA) мутахассисларига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, унинг олдига қўйилган мақсад ва вазифаларига бағишланган тақдимот ўтказдилар. Мазкур тақдимот малайзиялик мутахассисларда ўзгача таъсурот қолдирди. Шунингдек, юртимиз давлат хизматчиларини хорижий стажировкага айнан Малайзияга юбориш тўғрисида ўзаро фикр алмашилди.
Куннинг иккинчи қисмида, икки томон ҳамкорлигида “Давлат хизмати тизимига кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва Малайзия тажрибаси” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Профессор Ш.Якоб ўз маърузасида бугунги кунда Малайзия давлат хизматида 25 та вазирлик ва 36 та агентлик ва қўмиталарида жами 1 700 000 нафар давлат хизматчилари фаолият олиб бораётгани ва бугун уларнинг олдида турган асосий масалалардан бири бу уларни доимий малакасини ошириб бориш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини аниқлайдиган индикаторларни доимий такомиллаштириб боришдан иборатлигини таъкидлаб ўтди. Ҳар бир давлат хизматчиси бугунги кунда халққа сифатли хизмат кўрсатишдан иборат.
Шунингдек, Ўзбекистон делегация вакиллари яқинда ташкил этилган Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолияти, унинг вазифалари ва келгуси режалари ҳақида маълумот берди. Келгусида номзодларни лавозимларга танловлар орқали қабул қилиш тизимини амалиётга жорий этмоқчи бўлаётганлиги уларда улкан қизиқиш уйғотди. Чунки Малайзия давлатининг ўзи ҳам мазкур тизимни яқин орада амалиётган жорий этиш устида иш олиб бораётганлиги тақдимот давомида қайд этилди.
Академия вакилларининг Малайзия давлатига қилган хизмат сафари давом этмоқда.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати