“Конституция – менинг тақдиримда” деб номланган  ижодий ишлар танловининг якуний тақдирлаш маъросимига бағишланган маънавий-маърифий байрам тадбири

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги байрамини тантанали равишда, кенг жамоатчилик иштирокида нишонлаш, ёшларнинг Конституциямиз ҳақидаги билимларини кенгайтириш, уларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 5 декабрь куни “Конституция – менинг тақдиримда” деб номланган  ижодий ишлар танловининг якуний тақдирлаш маъросимига бағишланган маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди. 

Ушбу байрам Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент шаҳар ва Учтепа туман ҳокимликлари ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбирда Давлат бошқаруви академияси раҳбарияти, профессор-ўқитувчи ва тингловчилари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул ходимлари, Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси вакиллари, Учтепа туман ҳокимлиги масъул ходимлари, Тошкент шаҳар ўрта мактабларининг 2-11 синф ўқувчилари, ОАВ ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар. 

Шу билан бирга тадбирда Тошкент шаҳар мактаблари миқёсида ўтказилган “Конституция – менинг тақдиримда” деб номланган ижодий ишлар танлови ғолиблари тақдирланди.  Танловлар ғолибларига дипломлар ва эсдалик совғалар топширилди. Бундан ташқари, Академия тингловчилари ўртасида ўтказилган онлайн тест синови ғолиблари ҳам тегишли дипломлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир давомида Конституциянинг ёшлар ва ёш раҳбар кадрлар ҳаётидаги ўрни борасида қимматли фикрлар билдирилди. Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкиллаштирилган концерт дастури намойиш этилди.

Тадбир ёшларнинг Конституция ҳақидаги билим ва тасаввурларини кенгайтиришга, уларнинг иқтидорини қўллаб-қўвватлашга хисса қўшади.