Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва хўжалик бошқарув органлари раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари учун “Time management” бўйича ташкил этилган тренинг

Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг топшириғи (2019 йил
20 сентябрдаги 09-15-54-сон) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
27 сентябрдаги 802-сон фармойишига мувофиқ вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва хўжалик бошқарув органлари раҳбарлари
ва раҳбар ўринбосарлари учун “Time management” тренинги ташкил этилди.

Тренинглар жорий йилнинг 28 сентябрь – 30 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилди. Тренингларда республиканинг вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бирлашмаларининг раҳбарлари ҳамда ўринбосарлари раҳбар ходимлари иштирок этиши белгиланган.

“Time management” тренинги Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири томонидан маъқулланган (2019 йил 20 сентябрдаги 09-15-54-сон) тартиб
ва ўқув режага асосан гуруҳларга бўлган ҳолда ҳар хафтанинг шанба кунлари ўтказилди.

Тренингларга соҳага доир чуқур билимга эга бўлган, тренинг ўтиш бўйича махсус курсларда тайёргарликдан ўтган, тажрибали мутахассислар жалб қилинди. Жумладан, Халқ таълими вaзири – Ш.Х. Шерматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи с.ф.н. (PhD) – А.А. Хасанов,   бизнес тренер, с.ф.д. – А.А. Файзуллаев, Президент ижод
ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори – С.Н. Бабаходжаев, Давлат бошқаруви академияси декани, ю.ф.д. – О.М.Маҳкамов, Давлат бошқаруви академияси доценти – Н.О. Шодиев, Давлат бошқаруви академияси доценти в.б. – Л.У. Иногамова, Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири с.ф.н., доцент – Н.Т. Умарова.

Тренинглар 4 академик соат ҳажмида эрталабки гуруҳларда 9.00 дан 12.00 гача ва тушликдан кейинги гуруҳларда 14.00 дан 17.00 гача вақтда ўтказилди. Тренинглар мазмуни тўрт таркибий қисмдан иборат сценарий аосида олиб борилди: 1. Вақт қадри; 2. Мақсад ва устуворликларни белгилаш;
3. Самарадорлик; 4. Натижадорлик. “Time management” тренинги ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш, машқлар бажариш, кейс-стади, коллегиал муҳокамалар, тақдимотлар ва қайтма алоқа каби интерфаол усулларда ўтказилди.

Ўтказилган тренинглар давомида қуйидаги фаолият амалга оширилди:

муҳим ва номуҳим топшириқларни таснифлаш асосида устуворликларни аниқлаш, шу асосда мақсадларни белгилаш ҳамда ишларни режалаштириш кўникмаси шакллантирилди;

вақтдаги йўқотишларнинг олдини олиш, вақтни тежаш усулларидан фойдаланиш малакаси ортди;

қўл остидагиларга иш юкламасини тақсимлашда вақтни тўғри белгилаш кўникмалари ривожлантирилди;

раҳбарларнинг топшириқ бериш ва ваколатларни узатиш маҳорати оширилди;

самарали мажлислар ўтказиш қоидалари ишлаб  чиқилди.