Академиянинг сиртқи курс тингловчилари «General Motors Powertrain – Uzbekistan» AJ да

2020 йилнинг 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси сиртқи курс тингловчилари учун «General Motors Powertrain – Uzbekistan» акционерлик жамиятида амалий машғулот ташкил этилди. Унда Академиянинг «Иқтисодиёт ва молия» кафедраси мудири Тошматов Ш.А., кафедра доценти Ҳасанов Т.А., «General Motors Powertrain – Uzbekistan» акционерлик жамияти “Янги бизнесни ривожлантириш ва лойиҳаларни мувофиқлаштириш” бўлими менеджери З.Б.Абдуллаев ва тингловчилар иштирок этдилар.

Машғулотнинг биринчи қисми маъруза шаклида ўтказилди ва уни Ш.А.Тошматов кириш сўзи билан очиб берди. У «General Motors Powertrain – Uzbekistan» акционерлик жамиятининг бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда тутган ўрни, бу каби корхоналарнинг инвестицион фаолияти билан яқиндан танишиш бугунги кунда раҳбар кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши борасида қисқача сўзлаб берди. Шундан сўнг, сўз “Янги бизнесни ривожлантириш ва лойиҳаларни мувофиқлаштириш” бўлими менеджери З.Б.Абдуллаевга берилди ва у «General Motors Powertrain – Uzbekistan» акционерлик жамиятининг тарихи, ташкилий структураси, бугунги кунда корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган махсулот турлари, жалб қилинган инвестициялар ва ривожланиш йўналишлари бўйича батафсил маълумот берди.

Шунингдек, тингловчилар корхонанинг махсус визитинг маркази, унинг фаолият йўналишлари ҳамда ҳамкорлар учун музокаралар олиб бориш хоналари ва у ердаги зарур жиҳозлар билан яқиндан таништирилди.

Машғулотнинг иккинчи қисми амалиёт шаклида ўтказилди ва унда тингловчилар корхонанинг бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан тинишдилар. Мазкур амалиёт дарси юқори савияда ўтказилди ва тингловчилар «General Motors Powertrain – Uzbekistan» акционерлик жамияти фаолияти бўйича ўзларини қизиқтирган барча маълумотларга эга бўлдилар.