Академияда “Нотиқлик маҳорати, лидерлик ва халқ билан мулоқот” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 21-24 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ханнс Зайдел Жамғармаси билан ҳамкорликда “Нотиқлик маҳорати, лидерлик ва халқ билан мулоқот” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Семинар-тренинг тренер-психолог Карстен Мертенс томонидан ўтказилди.

К.Мертенс Мюнхен университети (Германия) ўқитувчиси ҳамда Ханнс Зайдел Жамғармаси эксперти ҳисобланади.

Ушбу семинар-тренингда қатнашчилар муваффаққиятли нутқ тайёрлаш, ўз қарашларини эркин ва ишончли баён қила олиш, ходимларни ҳамкорлик ва қатъиятлик руҳида бошқариш, шунингдек, халқ билан самарали мулоқот ва муносабат ўрнатиш масалаларидаги ўзларининг билимларини ошириш имкониятига эга бўлдилар. Эгалланган билимлар ва кўникмалар турли хил ролли ўйинлар орқали қайта ўзлаштирилди. Шуни таъқидлаш лозимки, ушбу семинар-тренинг биринчи модул ҳисобланади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида яна иккита модулни ўткизиш режалаштирилган бўлиб, уларнинг ўтказилиш санаси ва мавзуси ҳамкор томон билан келгусида келишилади. Мазкур лойиҳанинг якунида энг муваффаққиятли тингловчиларни Германия Федератив Республикасига хорижий стажировка ўташга юбориш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, 25 январь куни К.Мертенс томонидан Академия профессор-ўқитувчилари учун компетенцияларни моделлаштириш ва бошқариш, “blended learning” тизимини жорий қилиш масалаларида фикр алмашиш мақсадида семинар-тренинг ташкил этилди.