Creative Spark: олий таълимда тадбиркорлик дастури

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Британия Кенгашининг «Creative Spark (Ижодий учқун): олий таълимда тадбиркорлик» лойиҳаси доирасида навбатдаги тренинг бўлиб ўтмоқда. Ушбу тренинг Лестор университети профессорлари томонидан олиб борилади (Буюк Британия). Тренингда академиянинг профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва мустақил изланувчилари иштирок этмоқдалар. Тренинг симуляция ўйини – назария билан амалиётни ўзида мужассамлаштирган дастур асосида ташкиллаштирилди. Ушбу услуб мутахасисларнинг HR, маркетинг, молия, ишлаб чиқариш ва менежмент соҳаларидаги компетенцияларини ривожлантиришга йўналтирилган. 28 февраль – машғулотларнинг сўнгги кунида Creative Spark лойиҳасининг яна бир ҳамкори бўлмиш Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг бир гуруҳ вакиллари ҳам бу тренингда қатнашадилар.

Эслатиб ўтамиз, ушбу дастур ижодий иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида Буюк Британиядаги олий ўқув юртлари ва таълим муассасалари ҳамда иштирокчи давлатлар ўртасида ижодий тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш борасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Лойиҳада Марказий Осиё (Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон), Жанубий Кавказ (Озарбайжон, Арманистон, Грузия) ва Украина давлатлари иштирок этмоқда.