Маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз билим ва кўникмаларини оширмоқдалар

2020 йил 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун ташкил этилган ўқув семинарлари давом эттирилди.

Унда маҳаллий Кенгаш депутатининг қонунлар ижросини таъминлаш, уларни тарғиб этиш бўйича фаолияти атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, жойларда депутатлар қонунлар ижросини таъминлаш юзасидан ижро ҳокимияти органларининг фаолиятини ўрганиш борасида назорат-таҳлил ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратиши, айниқса, мавжуд муаммолардан келиб чиқиб, тегишли идораларнинг раҳбарларига Кенгаш сўрови механизмидан фойдаланиб мурожаат этишда ташаббускор бўлишлари муҳим аҳамият касб этади.

Семинарда маҳаллий Кенгаш депутатларининг қонунлар ижроси бўйича назорат-таҳлил фаолиятининг муҳим жиҳатлари ва амалий механизмларига урғу берилди. Шунингдек, қонунлар тарғиботи бўйича тадбирларни ташкил этишда мутасадди идоралар билан ҳамкорлик қилиш усулларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Сенаторлар ўз маърузаларида маҳаллий Кенгашларда давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция ва ҳудудни ривожлантиришга доир бошқа дастурлар ижросини назорат қилиш масалаларига эътибор қаратди.

Таъкидланганидек, давлат дастурлари ижросини назорат қилишда тегишли идора ва муассасалардан даврий ҳисоботларни олиш, уларни маҳаллий Кенгашлар сессияларида кўриб чиқиш каби вазифалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шу маънода семинар иштирокчилари томонидан амалиётга жорий этилиши зарур бўлган янги усул ва йўналишлар бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, семинар иштирокчилари ўқитишнинг интерактив усулларидан фойдаланган ҳолда бўлиб ўтган амалий машғулотларда ўз билимларини ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

 

Манбаа: Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати