Бошқарув кадрларининг янги компетенциялари шаклланишига коронавирус пандемиясининг таъсири

Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси (РХХваДХА) билан ҳамкорлик доирасида 2020 йилнинг 7 май куни Академия тингловчилари, профессор-ўқитувчилари ва ходимлари учун РХХваДХА проректори, Молия ва барқарор ривожланиш институти директори А.М. Марголиннинг “Бошқарув кадрларининг янги компетенциялари шаклланишига коронавирус пандемиясининг таъсири” мавзусида видео-маърузаси ташкил этилди.

Маърузада А. Марголин томонидан COVID-19 пандемияси натижасида дунёда янги эпидемиологик инқироз юзага келгани таъкидланди. Ушбу инқироз оқибатларини ва таъсирини бир мунча юмшатиш бўйича чораларни самарали амалга ошириш, бошқарув кадрлари томонидан мураккаб вазиятда тезкор равишда қарорлар қабул қилиш, шунингдек, жамоа фаолиятини карантин талабларидан келиб чиқиб ташкил қилишни талаб этди. Бу эса бошқарув кадрларида мутлақо янги компетенцияларни шакллантиришни тақазо этади.

Мамлакатда эпидемиологик инқироз оқибатларини енгишда, давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашда, маърузачининг фикрига кўра, қуйидаги компетенцалар муҳим аҳамиятга эга: қадриятлар, стратегик фикрлаш, коммуникация, самарали бошқарув кўникмалари ва ресурсларни бошқариш.

Мавжуд ресурс (кадрлар, молиявий, ахборот ва табиий ресурслар) ва имкониятдан оқилона фойдаланиш ва уларни бошқариш каби компетенция бугунги кунда раҳбарлар учун жуда муҳимлиги А. Марголин томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди. Юзага келган вазиятда ҳар бир давлатнинг барқарор ривожланиш стратегиясининг асосий мақсади – бу бизнес, жамият, давлат ва атроф-муҳит орасида манфаатлар мувозанатини таъминлашдан иборат бўлиб, унда давлат сектори асосий ўринни эгаллаши қайд этилди.

Маъруза якунида А. Марголин тингловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди ва фаол иштирок учун уларга миннатдорчилик билдирди.